Бўш ер участкаларини «Е-IJRO AUKSION» савдо майдончасига қўйилиши юзасидан

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.08.2019 йилдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4427-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сонли  қарори қабул қилинди. Мазкур қарорларга мувофиқ

— 2019 йил 1 октябрдан бошлаб

«YERELEKTRON» ААТга ер участкалари бўйича маълумотларни киритиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туман (шаҳар) филиаллари томонидан  мустақил равишда амалга оширилиши;

ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва (ёки) у бўйича хулосалар бериш ваколатли ташкилотлар томонидан фақат электрон шаклда «YERELEKTRON» ААТ орқали унга ер участкалари бўйича маълумотлар киритилган кундан бошлаб беш иш куни ичида автоматлаштирилган тартибда амалга оширилиши;

ер участкасини танлаш материалларини келишишда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳудудларни ривожлантириш режалари ва қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида аниқ ер участкасида қурилиши рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар тури аниқланади, архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилади. Бунда архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш харажатлари ер участкасини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан қопланиши;

ер участкасини танлаш материаллари юзасидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари, санитария-эпидемиология назорати хизматининг ҳудудий ташкилотлари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекцияларининг хулосасини олиш талаби бекор қилинганлиги;

ер участкаси «Е-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукционга «YERELEKTRON» ААТ орқали автоматлаштирилган тартибда ер участкасининг бошланғич нархи аниқланган ва инвестиция мажбуриятлари белгилангандан сўнг қўшимча қарорлар қабул қилинмасдан жойлаштирилиши белгилаб берилди.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда — «YERELEKTRON» ААТ) аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2019 йилдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сонли  қарори билан тасдиқланган Низомда аукционда иштирок этиш шартлари ва тартиби батафсил кўрсатиб берилган. Жумладан:

39-бандида- Аукционда иштирок этиш учун жисмоний ёки юридик шахслар оператор веб-порталида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим.

Ариза тақдим этишдан аввал жисмоний ва юридик шахслар:

инвестиция мажбуриятлари шартномаси билан танишиши ва унинг шартларини қабул қилиши;

лот ҳақидаги маълумотлар (ҳужжатлар) билан танишиши;

шахсий ҳисобрақамини ўзи танлаган лотнинг закалат пули миқдоридан кам бўлмаган миқдорда тўлдириши лозим.

40-бандида- Аукционда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш:

хабарнома жойлаштирилган кундан бошланади ва аукцион ўтказилишидан олдинги кун соат 24-00 да якунланади;

операторнинг веб-порталида автоматик тарзда амалга оширилади.

Қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин келиб тушган аризалар қабул қилинмайди.

41-бандида- Лотнинг закалат пули унинг бошланғич нархининг 20 фоизи миқдорида белгиланади.

42-бандида- Аукцион иштирокчиси ўз аризасини ариза қабул қилиш учун белгиланган вақт оралиғида оператор веб-портали орқали ўзгартиришга ёки чақириб олишга ҳақли. Бунда операторга хабарнома юборилиши ва закалат суммаси аукцион иштирокчисининг шахсий ҳисобрақамига қайтарилиши оператор веб-порталида автоматик тарзда амалга оширилади.

43-бандида- Ариза автоматик тарзда текширилади. Текширув натижалари ва қабул қилинган қарор ҳақида аризачига зудлик билан хабар қилинади.

44-бандида- Ариза мазкур Низом талабларига мувофиқ келган тақдирда, оператор зудлик билан аризачига аукционда иштирок этишига рухсат беради, шунингдек, электрон почта орқали аризачини аукцион иштирокчиси мақомини олганлиги ҳақида қўшимча равишда хабардор қилади.

Аукционнинг ҳар бир иштирокчисига аукционда фойдаланиш учун алоҳида шахсий тартиб рақам берилади.

Закалат пули иштирокчининг шахсий ҳисобрақамидан автоматик тарзда ечиб олиниб, операторнинг банк ҳисобрақамига ўтказилади.

45-бандида- Ариза мазкур Низом талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, оператор зудлик билан уни рад этади ва бу ҳақида аризачига электрон билдиришнома юборади.

Бунда аризачи камчиликларни бартараф қилгандан сўнг хабарномада кўрсатилган ариза қабул қилиш вақтидан кечиктирмай, аукционда иштирок этиш учун аризани такроран юборишга ҳақли.

Оператор унга келиб тушган маълумот ва хабарларнинг мазмуни билан боғлиқ ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар эмас.

46-бандида- Оператор аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатларнинг сақланишини, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда сир тутилишини таъминлайди.

47-бандида- Аризаларни қабул қилиш даврида, шунингдек, аукцион давомида операторнинг веб-порталида аукцион иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни (жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, юридик шахснинг номи ва почта манзили, солиқ тўловчининг идентификация рақами, иштирокчини аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотларни) акс эттиришга йўл қўйилмайди.

48-бандида- Аукцион операторнинг веб-порталидаги хабарномада кўрсатилган кун ва вақтда бошланади.

49-бандида- Аукцион унга қўйилган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади.

50-бандида- Аукцион иш куни мобайнида соат 9-00 дан 18-00 гача ўтказилади, мазкур Низомнинг 54 — 56-бандида қайд этилган ҳоллар бундан мустасно.

51-бандида- Лотнинг бошланғич нархи ер участкасининг бошланғич нархига тенг белгиланади ҳамда ушбу нархнинг беш фоизига тенг миқдори — аукцион қадамининг миқдори сифатида қайд этилади.

52-бандида- Аукцион унинг иштирокчиларидан лотни бошланғич нархдан битта қадамга оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.

  1. Агар таклиф берилгандан сўнг 10 дақиқа давомида аукцион иштирокчиларидан бири белгиланган қадамга оширилган лот нархини тасдиқласа, кейинги таклифни тасдиқлаш учун вақт яна 10 дақиқага узайтирилади.

54-бандида- Агар тасдиқланган охирги таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф аукцион иштирокчиларининг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, аукцион унинг натижалари ҳақидаги баённомани автоматик тарзда шакллантирган ҳолда якунланади. Лот нархи бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

55-бандида- Аукцион иштирокчиларига навбатдаги ставкани дастлаб белгиланган қадамдан 5, 10 ёки 20 баравар миқдорда мустақил белгилаш имконияти берилади.

56-бандида- Агар лот нархини ошириш бўйича таклифни охирги тасдиқлаган аукцион иштирокчиси буни аукционни ўтказиш вақти якунланишига ўн дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, аукционни ўтказиш вақти охирги таклиф тасдиқланган пайтдан бошлаб кейинги 10 дақиқага узайтирилади. Кейинги ҳар бир таклиф аукционни ўтказиш вақтини ўн дақиқадан узайтириб боради. Бироқ, бунда аукционни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин, аукцион ўтказиладиган кун соат 21-00 га қадар якунланиши лозим. Лот нархи бўйича охирги таклифни соат 21-00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

57-бандида- Аукционни ўтказишга тўсқинлик қиладиган савдо майдончасида техник узилиш содир бўлган ҳолларда, аукцион ўтказиш санаси ва вақти ҳақида аукцион иштирокчиларига хабар берилган ҳолда, аукцион техник узилиш бартараф қилинган кундан кейинги кунда давом эттирилади.

58-бандида- Аукцион якунланганда операторнинг веб-порталида автоматик тарзда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

лотнинг бошланғич нархи;

охирги ва охиргидан олдин тасдиқланган таклифлар (охирги ва охиргидан олдинги қадамларни ҳисобга олган ҳолда, аукцион иштирокчилари томонидан тасдиқланган таклифлар бўйича шаклланган нархлар);

аукцион ғолибининг ҳамда охиргидан олдинги таклифни тасдиқлаган иштирокчининг фамилияси, исми, отасининг исми ёки номи.

59-бандида- Аукцион қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб топилади:

а) аукционда иштирок этиш учун унинг биронта ҳам иштирокчиси қўйилмаган бўлса, шу жумладан унда иштирок этиш учун ариза келиб тушмаган бўлса;

б) аукционда иштирок этиш учун фақат бир нафар иштирокчи ариза топширган бўлса;

в) аукцион иштирокчиларидан ҳеч бири ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини аукцион жараёнидан таклиф этилган нархда сотиб олиш истагини билдирмаса;

г) аукцион ғолиби ва ушбу Низомнинг 71-бандида белгиланган тартибда ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш таклиф этилган охиридан олдинги таклифни билдирган иштирокчи унинг баҳосини белгиланган муддатда тўлиқ тўламаса.

60-бандида- Аукцион ўтказилмаган деб топилганда, операторнинг веб-порталида бу ҳақида унинг сабаблари, шунингдек, лотнинг бошланғич нархи кўрсатилган маълумот акс эттирилади.

61-бандида- Аукцион ўтказилмаган деб топилганда, лот мазкур Низомда белгиланган тартибда такроран аукционга қўйилади.

Бунда агар ушбу Низомнинг 59-банди «в» кичик бандига асосан аукцион кетма-кет 4 мартадан ортиқ амалга ошмаган деб топилган тақдирда, бир ёки бир нечта иштирокчининг илтимосига кўра, «Давергеодезкадастр» қўмитаси органлари томонидан ер участкаларини бирлаштиришга ёки уларни алоҳида қисмларга ажратишга йўл қўйилади.

Бундай ҳолатда:

а) оператор аукциондан лотни олиб ташлайди ва у бўйича маълумотларни «YERELEKTRON» ААТ орқали «Давергеодезкадастр» қўмитаси органларига қайтаради;

б) «Давергеодезкадастр» қўмитаси органлари бир иш куни мобайнида қурилиш органлари ва туман (шаҳар) ҳокимликларига материалларни юборади.

Қурилиш органлари материаллар келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида бирлаштирилган ёки ажратилган ер участкаларида қурилишига рухсат этилган ёки тақиқланган объектлар турлари рўйхатини янгилайди.

Туман (шаҳар) ҳокимликлари ер участкаларида қурилишига рухсат этилган ёки тақиқланган объектлар турлари рўйхати аниқланган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармалари билан келишилган ер участкасига нисбатан инвестиция мажбуриятларини аниқлайди.

Бунда инвестиция мажбуриятлари шартномаси автоматик тарзда «YERELEKTRON» ААТ томонидан электрон кўринишда шакллантирилади ва туман (шаҳар) ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосарининг (агар у бўлмаган тақдирда — бошқа ўринбосарининг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади;

в) «Давергеодезкадастр» қўмитаси органлари ер участкасининг бошланғич нархини белгилайди.

Бунда қайта тасдиқлаш ёки ижобий хулосалар олиш талаб қилинмайди.